11111111111111 >> O‘qituvchilar uchun >> “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танлов



“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”     кўрик–танловини     ўтказиш     тўғрисида
НИЗОМ

    Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари ўртасида ҳар бир фан йўналишида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалари

1. Кўрик-танловнинг асосий мақсади ва вазифалари:
а) Умумтаълим мактабларининг педагоглари орасидан фанлар бўйича илғор, ташаббускор ва     ижодкор ўқитувчиларни аниқлаш;
б) Улардаги ижодий қобилиятларни, касбий маҳоратини рўёбга чиқишига кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш;
в) Аниқланган илғор тажрибаларни оммалаштириш ва кенг тарғиб этиш, уларнинг ўз методик мактабини яратишга йўналтириш;
г) Умумтаълим мактабларида ҳар бир фандан дарс бераётган ўқитувчилар орасидан юксак касб маҳоратига эга бўлган, ўз фанининг, мутахассислигининг     ҳақиқий     эгаларини саралаб олиш;
д) Таълим-тарбияда самара берадиган муқобил методларни ҳамда     технологияларни аниқлаш;
е) Педагогларнинг ижодий фаоллигини ошириш;
ж) Ўқитувчи-устознинг юксак маънавияти, маънавий-ахлоқий фазилатлари ҳамда унинг ташаббускор ва ижодкорлигини жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш.

II. Кўрик-танловни     ўтказиш тартиби

2. Кўрик-танлов умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари ўртасида (20 та) фанлар кесимида ўтказилади.
3. Кўрик-танлов 3 босқичда ўтказилади:
а) 1-босқич – туман, шунингдек ҳудуди туманларга бўлинмаган     шаҳар бўйича(ҳар бир мактабдан белгиланган малака тоифасидаги фанлар кесимида 1 нафардан ўқитувчи 1-босқичда иштирок этади);
б) 2-босқич – вилоят бўйича, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида;
в) 3-босқич – республика     бўйича.
4. Кўрик – танловнинг биринчи (туман) босқичида олий маълумотли камида уч йил педагогик иш тажрибага эга бўлган олий, биринчи, иккинчи тоифали ўқитувчилар иштирок этишлари мумкин. Навбатдаги босқичларда     1-ўринни эгаллаб, ғолиб бўлганлар қатнашади.
Ғолиблар (1,2,3-ўрин) 76-100 балл тўплаган ўқитувчилар орасидан аниқланади.
5. Вилоят, Республика тасарруфидаги мактабларнинг ўқитувчилари туман (шаҳар) босқичида қатнашмасдан тўғридан-тўғри жойлашган ҳудудида 2-босқичда иштирок этадилар.
6. Кўрик-танловнинг биринчи, иккинчи ва учинчи босқичларида ғолиблар фанлар бўйича алоҳида-алоҳида аниқланади.
7. Кўрик-танловни ўтказиш бўйича бутун тадбирлар комплексини бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳамда уларнинг ҳудудий бўлимлари ўз буйруқлари билан ташкилий қўмиталар, ҳакамлар ҳайъатлари, апелляция комиссиялари ва бошқа тузилмаларни ташкил этадилар.
8. Ташкилий қўмиталар кўрик-танловга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказишда ягона илмий-услубий ёндашувни таъминлайдилар, ҳакамлар ҳайъатлари, апелляция комиссиялари таркибини шакллантирадилар ва тасдиқлайдилар, тестлар ва синов топшириқларини тайёрлашни ташкил этадилар.
9. Кўрик-танловнинг барча босқичларида ташкилий қўмита, ҳакамлар ҳайъати ва эксперт комиссияси аъзоларининг яқин қариндошлари ёки ишлайдиган     мактаби(тумани)дан ўқитувчилар иштирок этаётган бўлса, ушбу шахслар ташкилий қўмита қарори асосида ташкилий қўмита, ҳакамлар ҳайъати ёки эксперт аъзолари таркибидан чиқарилади.
10. Кўрик-танловнинг ўтказилиш жараёнида ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилмаган ўқитувчилар ҳакамлар ҳайъати қарори билан танловдан четлаштирилади. Бу ҳақда тузилган далолатнома ҳакамлар ҳайъати раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.
11. Кўрик-танловнинг Республика босқичида қатнашган ўқитувчи                               3 йилдан сўнг қайтадан иштирок этиши мумкин.

III. Кўрик-танловнинг биринчи босқичини ўтказиш тартиби

    12. Биринчи (туман) босқичини ўтказиш масъулияти туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари мудирлари зиммасига юкланади.
    13. Биринчи босқич иштирокчилари учун топшириқлар туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ташкилий қўмитаси томонидан тайёрланади.
    14. Кўрик-танловнинг биринчи босқичига ҳар бир мактабдан (метод бирлашма хулосаси асосидаги педагогик кенгаш қарори билан) белгиланган фанлардан бир нафардан ўқитувчилар иштирок этишлари     мумкин.
15. Кўрик-танловнинг туман босқичига номзодларнинг қуйидаги ҳужжатлари тақдим этилади:
а) Таълим муассасаси педагогик кенгаш қарори;
б) Ўқитувчининг фаолияти ҳақида маълумот;
в) Иштирокчининг аризаси.
16. Кўрик-танловнинг туман босқичида ҳар бир фандан 1,2,3-ўрин эгалари аниқланади, натижалари туман(шаҳар) халқ таълими бўлими кенгашида муҳокама қилинади ва ўтказилган фанлардан 1-ўринни эгаллаган ғолибларнинг навбатдаги (вилоят) босқичда қатнашиши тўғрисида қарор қабул қилинади.
Тумандан ялпи буюртма, ҳакамлар ҳайъати қарори билан тасдиқланган, ҳар бир фандан 1-ўринни эгаллаган ғолибнинг ҳужжатлари ижодий ишлари билан бирга вилоят ташкилий     қўмитасига     топширилади.
     
IV. Кўрик-танловнинг иккинчи (вилоят) босқичини ўтказиш тартиби
                                                                                                                   
17. Кўрик-танловнинг иккинчи босқичини ўтказиш масъулияти Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари зиммасига юкланади.
18. Кўрик-танловни ўтказиш вақти, жойи, ташкилий     қўмитаси таркиби Қорақалпоғистон     Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармаси буйруғи билан, фанлар кесимида ҳакамлар ҳайъати, эксперт комиссияси таркиби ташкилий қўмитанинг қарорига асосан тасдиқланади.
19. Иккинчи босқичда ҳар бир фандан 1,2,3-ўрин эгалари аниқланади. Кўрик-танлов натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими     бошқармалари ҳайъат мажлисида муҳокама қилинади. Ўтказилган фанлардан 1-ўринни эгаллаган ғолиблар тўғрисидаги қарор, тавсия этувчи буйруқ ва бошқа ҳужжатлар билан бирга Республика ташкилий қўмитасига тақдим этилади.
Барча ҳужжатлар ва материалларнинг электрон варианти ҳам     топширилиши лозим.

V. Кўрик-танловнинг учинчи босқичини ўтказиш тартиби

20. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари кўрик-танловнинг иккинчи босқичида фанлар бўйича ғолиб бўлган ўқитувчиларни учинчи босқичга тайёрлаш мақсадида барча ташкилий чора-тадбирларни кўради.
21. Кўрик-танловнинг иккинчи босқичида фанлар бўйича 1-ўринни эгаллаган ўқитувчилар учинчи (Республика) босқичда қатнашадилар.
22. Кўрик-танловнинг учинчи босқичидаги тест ва топшириқларнинг материаллари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази томонидан малакали мутахассислар жалб қилиниб, кўп вариантлилик асосида махфийлиги таъминланган ҳолда тайёрланади.
23.     Кўрик-танловнинг учинчи босқичида Республика бўйича “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” аниқланади. Кўрик-танловнинг бошқа иштирокчиларга нисбатан эришган натижаларига кўра номинациялар белгиланади.     
VI. Ҳакамлар ҳайъати     ва эксперт комиссияси

24. Кўрик-танловнинг босқичларини ўтказиш учун ҳакамлар ҳайъати     ва эксперт комиссияси таркиби тузилади ҳамда ташкилий қўмиталар томонидан тасдиқланади.
25. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг амалий машғулотларини, саводхонлигини, саҳна кўринишини адолатли баҳолайдилар, баҳолаш мезони асосида эксперт гуруҳи хулосаларини ва ғолибларнинг якуний босқичида олган баҳоларини умумлаштирган ҳолда кўрик-танлов ғолибларини аниқлаб берадилар.
VII. Апелляция комиссияси

26. Кўрик-танлов     иштирокчилари     томонидан      билдирилган      ҳар     қандай      оғзаки     ёки     ёзма     ариза     ва     эътирозни     жойида, шу куннинг ўзида кўриб чиқади ҳамда     хулосаларни     расмийлаштиради.           
                          
VIII. Кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш

27. Биринчи босқичда ҳар бир фандан 1,2,3-ўринларни эгаллаган ўқитувчиларга ҳудудий касаба уюшмаси билан биргаликда сиҳатгоҳларга бир марталик бепул йўлланмалар берилади, ҳомийларни жалб этган ҳолда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади.
28. Иккинчи босқичида ҳар бир фандан 1,2,3-ўринларни эгаллаган ўқитувчилар бир ойлик маоши миқдорида моддий рағбатлантирилади,     вилоят халқ таълими бошқармасининг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади.
29. Республика босқичида ҳар бир фандан 1,2,3-ўринларни эгаллаган ғолиблар ва иштирокчилар вазирликнинг қимматбаҳо совғалари билан     тақдирланади. Республика босқичида ҳар бир фандан 1-ўринни эгаллаган ўқитувчига Халқ таълими вазирлигининг «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» дипломи берилади. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари томонидан бир ойлик (оклад) маош миқдорида мукофотланади.
30. Республика босқичида иштирок этган бошқа ўқитувчиларнинг иш тажрибалари Республика, вилоят миқёсида оммалаштирилади, дарс ишланмалари тўплам сифатида чоп этилади, ўқитувчилар иштирокида семинарлар ташкил этилади.
31. Кўрик-танловнинг ғолиблари туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари томонидан давлат мукофотларига тавсия этилиши мумкин.

        Халқ таълими вазирлигининг 2011 йил                    9 мартдаги 42-сонли     буйруғига                                    2-илова

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловнинг ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезони

Кўрик-танловда камида уч йил педагогик иш тажрибага эга олий, биринчи, иккинчи тоифали олий маълумотли ўқитувчилар иштирок этишлари мумкин.
Уч йил давомида ўқувчилари ДТС талабларини ўзлаштириш самарадорлиги 75-100 % кўрсатгич берган, ўқувчилари “Билимлар синови”да туман (шаҳар), вилоят, Республика      босқичида ғолибликни қўлга киритган, “Устоз-шогирд” тизимининг устозлари ҳамда иш тажрибасидаги янгиликлари тақдим этилган     ижодий ишлари ўрганилиб, кўрик-танловда иштирок этишга тавсия этилади.      

Кўрик-танловни     ўтказиш босқичлари
1-босқич туман (шаҳар) миқёсида:           март
2-босқич вилоят миқёсида:          апрель
3-босқич Республика миқёсида:     май

Кўрик-танловнинг туман, вилоят, Республика     босқичи
4 турда ўтказилади.
1-тур. Ёзма иш учун 2 соат вақт ажратилади. Жами 15 балл билан баҳоланади. Физика (4 та топшириқ + 1 та масала), кимё (4 та топшириқ + 1 та масала), биология (4 та топшириқ + 1 та масала), математика (3 та масала + 2 та мисол), география, иқтисодий билим асослари, информатика, тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари, тасвирий санъат (чизмачилик), мусиқа, жисмоний тарбия фанларидан иштирокчиларга 5 та топшириқ берилади.
Ҳар бир топшириқ хатосиз, мантиқан тўғри ифодаланган, атамаларнинг луғавий маъносини очиб беришда, матн тузишда илмий хатоликлар ва чалкашликларга йўл қўйилмаган ҳолда бажарилган бўлса ҳар бир жавобга 3 балл қўйилади.
Она тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти, инглиз тили, немис тили, француз тили, бошланғич таълим фанларидан иштирокчилар эркин мавзуда матн (иншо) ёзадилар,     иштирокчилар ёзма нутқ қобилияти, мустақил фикрлаши ҳамда саводхонлик қобилиятларини намоён қилишади.
Мавзу тўғри, тўлиқ ва батафсил ёритилиши – 2 балл, фикрни баён қилишда ижодий ёндошиши – 1 балл, режа ва бандларининг     мавзуга мослиги – 2 балл, мавзуга мос эпиграф танлай олиши – 1 балл, фикрлар такрорланмасдан, изчилликнинг таъминланиши - 2 балл, мавзуни ҳозирги давр билан боғлай олиши – 1 балл, мавзуни ёритишда адабий материаллардан ўринли фойдаланиши – 1 балл, сўз бойлиги, ифода қурилиши ва услуби адабий тил талабларига     мослиги – 1 балл, иш хулосасининг асосий фикр билан боғланиши – 2 балл, матннинг хуснихат билан хатосиз ёзилиши – 2 балл.
2-тур. Таълим сифатини оширишга оид “Айлана стол атрофида”     суҳбат ўтказиш. Жами 15 балл билан баҳоланади.
Иштирокчиларга таълим сифатини оширишга оид амалга оширилаётган ишлар ва белгиланган вазифалар ҳақида саволлар берилади.
Иштирокчилар жавоби, дунёқараши, фикр-мулоҳазалари ҳакамлар ҳайъати томонидан қайд этиб борилади.
Қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
- таълим тараққиётининг замонавий тенденцияларини билиши ва тушуниши – 3 балл;
- берилган таклифларнинг конструктивлиги, фикрлашининг оригиналлиги – 3 балл;
- Республикадаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан бохабарлиги – 3 балл;
- ўз фикрини назарий намоён қила олиш малакаси – 3 балл;
- таълим сифатини оширишга оид таклифларининг асослиги ва амалиётга қўллашда натижавийлиги – 3 балл.
3-тур. Ўз фани бўйича     белгиланган мавзу юзасидан дарсга тайёргарлик кўриш. Бу жараёнда иштирокчи компьютер техникасидан ва қўшимча адабиётлардан фойдаланиши ҳакамлар ҳайъати томонидан кузатилади. Иштирокчи бу тайёргарлик жараёни давомида берилган мавзу юзасидан бир соатли дарс ишланмасини ҳакамлар ҳайъатига топширадилар. Дарсга тайёрланиш жараёни учун 2 соат вақт ажратилади.
Иштирокчи томонидан ёзилган бир соатлик дарс ишланмаси қуйидаги мезон асосида 25 балл билан баҳоланади:
- дарсга тайёрланишда ахборот коммуникацион технологияларидан фойдаланиш 15 балл (шундан, дарсга тайёрланишди интернетдан фойдалана олиши – 5 балл, Word дастурида матн ярата олиши – 5 балл, Power point дастурида фойдалана олиши – 5 балл)
- дарс ишланмаси 10 балл (шундан, мавзу асосида дарс типининг тўғри танланиши ва дарс босқичларининг тўғри белгиланилиши – 2 балл, мақсаднинг тўғри қўйилиши – 1 балл, кўргазмали воситаларнинг тўғри танланганлиги ва дарс мазмунида ифодаланганлиги – 2 балл, мавзуни мустаҳкамлашда танланган усулларда барча ўқувчиларнинг иштироки таъминланиши кўзда тутилганлиги – 1 балл, янги мавзуни баён қилишнинг дарс ишланмада тўлиқ ёритилиши ва асосий мазмуннинг берилиши – 3 балл,     ўқувчиларнинг баҳосини ҳамда уйга бериладиган вазифани тўғри таҳлил қилиб бериш усулларининг аниқ белгиланганлиги – 1 балл)
Иштирокчи 1-2-3-турдан жами 40 балдан кам балл тўпласа, кейинги ўрин ҳисобланиб 4-турига қатнашмайди.
4-тур. Намунавий дарс жами 45 балл билан баҳоланади.
Кўрик-танлов иштирокчиси нотаниш мактаблардан бирида нотаниш синфда нотаниш мавзу бўйича дарс ўтади (дарс мавзуси ва синфи бир кун олдин қуръа ташлаш йўли билан аниқланади).
Дарс ўтиш учун 45 дақиқа вақт ажратилади. Ўқувчиларнинг иштирокчи томонидан берилган мавзуни ўзлаштириш даражаси она тили ва адабиёти, рус тили, қорақалпоқ тили, бошланғич таълим, тарих, ҳуқуқ, иқтисодий билим асослари, миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари, хорижий тиллар (инглиз, немис, француз), кимё, биология, физика, география фанлари бўйича тест топшириқлари, жисмоний тарбия, информатика, чизмачилик, мусиқа фанларидан ўқувчиларнинг амалий бажарган иш натижалари ҳамда математика фанидан мисол ва масала ечиш орқали     аниқланади. Тест ва амалий топшириқларини бажариш учун 15 дақиқа вақт ажратилади. Бажарилган тест ва амалий иш натижалари 10 балл, дарс 35 балл билан баҳоланади. Жами     45 балл.
Ўқитувчини дарс ўтиши қуйидагича баҳоланади:
- дарсга тайёргарлик кўриш босқичлари (3 балл);
- ўқувчиларга янги мавзуни тушунтириши ва қўлланиладиган методлар (10 балл);
- уйга берилган вазифани бажарилишини назорат қилиш ва текшириш                          (7 балл);
- ўтилган янги мавзуни мустаҳкамлаш (3 балл);
- дарс жараёнида фойдаланиладиган кўргазмали воситалари ва уларни қўллаш методлари (3 балл);
- дарс жараёнида компьютер техникасидан фойдаланиши (5 балл);
- дарсни якунлаши     (4 балл).
Умумий жами –100 балл. Энг кўп балл тўплаган иштирокчи кўрик-танловнинг ғолиби ҳисобланади.