Ma'naviy-ma'rifiy yo‘nalish >> Баркамол авлодни тарбиялашда китобхонлик маданиятини шакллантиришнинг самарали йўллари

                                       Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда

                                       Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда

                                      У билан қол танҳо ҳеч бермас озор

                                      Жонингга юз роҳат беради такрор

(Абдураҳмон Жомий)

 Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлаш йўлида қатор ишлар амалга оширилди, ёш авлод таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Тан олиш керакки, ёшлар орасидаги жиноятчиликнинг сабаби — кўпинча биз катталар масъул бўлган уларнинг тарбиясида йўл қўйилган камчиликларнинг натижасидир. Бугунги кунда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик кундан кунга кўпайиб бораётганлиги, айниқса, жиноятларнинг ўғирлик ва тан жароҳати етказиш каби турлари кўп учрамоқда.Чунончи, шахс соғлом ва ҳар томонлама баркамол шаклланиши учун унда ўқишга интилиш ҳиссини такомиллаштириш билан чекланиб бўлмайди. Улар онгида касб - ҳунар ва меҳнат кўникмаларини ҳосил қилиш, умуммаданий билимларни, миллий ва умумбашарий қадриятларга асосланган юксак маънавий-ахлоқий фазилатларини тарбиялаш билан ўз ватани ва халқига нисбатан садоқатни шакллантириш, атроф-муҳитга нисбатан онгли муносабатда бўлиш туйғусини, ҳуқуқий онгини тарбиялаш лозим. Маълумки, узоқ тарихга эга бўлган ўзбек халқи таълим-тарбияга оид бой меросга эга бўлиб, авлодларда инсонпарварлик, камтарлик, меҳнатсеварлик, дўстлик, меҳр-оқибат, биродарлик каби умуминсоний фазилатларни тарбиялаб келган.
 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 12 январь куни “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” Фармойиши, 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ПҚ-3271-сон қарори қабул қилинди. Бу юртимизда китобга, китобхонликка эътибор юксалаётганидан далолат беради.

—Шу ўринда китоб мутолаа қилишнинг фойдали томонлари хусусида тўхталсак:

Мутолаа асабни тинчлантиради, қалбни юмшатади, мия фаолиятини яхшилайди шунингдек, мутолаа тушкунликка қарши курашишга ёрдам беради, мутолаа ҳаётдаги мақсадини англашга ва қийинчиликларни енгишга мададкордир.

 Аждодларимиз тафаккури ва даҳоси билан яратилган энг қадимги тошёзув ва битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, бугунги кунда кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётга минг-минглаб қўлёзмалар, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, минералогия, кимё, астрономия, меъморлик, деҳқончилик ва бошқа соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар бизнинг буюк маънавий бойлигимиздир. Ушбу бойликлар, маънавий дурдоналар ёшлар тарбиясида муҳим рол ўйнайди.

 Тарбия кишилик жамиятининг пайдо бўлиши билан вужудга келган ва тараққий этган. Жамиятнинг ўзгариши билан тарбия ҳам ўзгариб боради. Тарбиявий манба сифатида Зардуштийлик динининг муқаддас китоби бўлмиш „Авесто“да ҳам тарбияга катта аҳамият берилган. Бу ҳаётий қомусимиз бўлмиш «Авесто»даги тарбиявий таълимот «Эзгу фикр - эзгу сўз – эзгу амал» эзгулик тизимининг «Ёмон фикр – ёмон сўз – ёмон амал» ёвузлик тизими устидан адолат тантанасига ғалабасига асосланган. Бундай қарама-қаршилик ҳозирда ҳам учрайди. Буни бунёдкор ва вайронкор ғоялар мисолида кўришимиз мумкин. Демак ҳар қандай жамиятда ҳам ёшларимизни турли хил салбий таъсирлардан, яъни вайронкорлик (ёвузлик) ғоялари домига тушиб қолишдан асрашимиз керак экан.

 Китоблардаги тарбия ҳақидаги фикрлар, ўгитлар шундай кучга эгаки, улар ёшлар қалбида инсонийлик уруғларининг унишига, катта ҳаёт йўлига олиб чиқишига ёрдам беради. Шу боис биз учун қадрли бўлган алломаларимиздан Баҳовуддин Нақшбанд, Абу Наср Форобий, Юсуф Хос Ҳожиб, Кайковус, Абу Райхон Беруний, Абу Али ибн Сино, Умар Хайём, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Жалолиддин Девоний, Мунавварқори, Абдулла Авлоний ва бошқаларнинг тарбия ҳақидаги ғояларидан кенг фойдаланиш бугунги кун талабига жавоб бера оладиган ёшларни тарбиялашда муҳим омил бўлиб ҳисобланади.

 Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобидан “Гиргиттон бувининг япон невараси” ҳикоясидан парча.

 “...Хай-хай, гиргиттон, тегма, тегма, ёнғоққа! – Шундай деб илдам келди-да, қўлимдаги ёнғоқларни олиб, пастак девор оша нарёққа улоқтира бошлади.

Сўнг хазон орасида ётган бошқа ёнғоқларни ҳам энкашиб терганча, девор ортига ташлади. Бувининг бундай “қизғанчиқ”лигига хайрон бўлиб туриб қолдим. Ниҳоят тўкилган ёнғоқлар қолмаганига ишонч хосил қилгач, қўлимдан етаклади. “Юрақол, гиргиттон, санга бошқа ёнғоқ бераман!” Шундай деб, пастак бостирмага олиб кирди-да, саватда уйилиб ётган ёнғоқлардан ховучлаб олиб, дуппимни тулдириб берди...”

 Ушбу ҳикояда қандай қадриятлаимиз тилга олинади?

 Бу қадриятларнинг шаклланиш макони қаер?

 Бу каби саволлар китобхонларни ўйлантирмай қолмайди, албатта

 Китобхонлик –ўқилган китобларнинг сони билан белгиланмайди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, китобхоннинг ёзувчи айтмоқчи бўлган фикрини нечоғли уқишини, яни асар “тили”га тушуниши, тўғри хулоса чиқаришни талаб этади.

 Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ҳақиқатан ҳам китобхонлик инсонни баркамолликка йўлласа, уни ўқимаслик жоҳилликка, маърифатсизликка олиб келиб, натижада инсонда маънавий қашшоқлик юзага келади. Шундай экан мактабда, оилада муҳим вазифа- китобхонликни инсон ҳаётида заруриятга айлантиришдан иборат. Таъкидлаш жоизки, агар китобхонлик заруриятга айланмаса, оилада ҳам, мактабда ҳам унга меҳр-муҳаббат, эътибор кучайтирилмаса фарзандни китобга бўлган муносабатини ўзгартириш мумкин эмас.

  Mаънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари
Мирзаева Ҳайитгул Икромовна