Ota-onalar uchun >> Бадиий дид тарбияси

  Ҳар қандай асарнинг умрини ва савиясини белгиловчи ҳакам - китобхон. Бироқ китобхонлар ижтимоий қатлам сифатида турфадирлар. Улар ёши, касби, жинси, дунёқарашлари, бадиий-эстетик дидлари, бошланғич ва умумий адабий-назарий билимларга эга эканлигига кўра фарқланадилар. Китобхонларнинг йирик аудиторияси ёшлар, жумладан, талабалар ва ўқувчилар саналиши, уларнинг ҳар қайсиси ўз бадиий эҳтиёжи ва кўнгил истагидан келиб чиқиб, китоб мавзуси, ҳатто, муаллифини саралаб мутолаа қилиши бор гап. “Китобхон” дунёга қандай келади? Дейлик, болага ота-она томонидан оилада тарғиб қилиниши, мактабларда ўқитувчилар томонидан ғоя кўринишида сингдирилиши ёки умумий қизиқишлари ўхшаш тенгдошлар орасида ўз-ўзидан ва аста-секин юзага келиши мумкин. Ёшларнинг тафаккур чанқоғини қондириш истаги ўлароқ китоб мутолаасига тутиниши ва бу ҳолатнинг “оддий қизиқиш” кўринишидан доимий талаб ва бадиий эҳтиёжга айланиб боришида яхши асар+эстетик тафаккур+бадиий дид бирлашмаси муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бугунги ёшларимизнинг бадиий дидлари тарбияси, шубҳасиз, она юртимизнинг бугуни ва эртасига, таълим-тарбия тизимининг барча босқичларига, жамият маънавиятини юксалтирадиган, эзгу ишларга қалбан сафарбар турадиган одоб-ахлоқли ёшларни тарбиялашга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бадиий дидни, тафаккурни китоб, яъни бадиий асар юзага келтирар экан, барча ёшдаги китобхонларнинг қандай асарларнинг мутолаасига тутинганлигини ҳам қисман назоратга олиш лозиммикин, дея ўйлаб қоласан киши. Эндиликда муаллифлар ҳам, асарлар ва уларнинг жанр, мавзу кўлами ҳам, китобларнинг адади ҳам салмоқли. Аммо уларнинг барчаси “ўқимоқға кераклик, ўрганмакка яроғлиқ”(Рабғузий иқтибоси)микин?

Инсониятни бунёдкорликка ҳам, бузғунчиликка ҳам қувватлантириши мумкин бўлган асарлар ҳам йўқ эмас. Зеро, бирор асардан қаттиқ таъсирланган ёки севимли муаллифининг услубига муккасидан тушиб қолган китобхон беихтиёр маълум образнинг хаёли билан яшаб қолиши, “мен”ига яқин тортган персонажига тақлид қилиши, унинг образига кириш истаги билан ўша ижобийми, салбийми, қатъи назар, “қаҳрамон”нинг аҳвол-руҳиясидан, ҳаёт тарзидан андоза олиши мумкин. Бу мураккаб психологик жараён бўлиб, онг ва онгости қатламларида тизгинсиз кечади. Асарларга қайтсак, тўқиб-бичилган урф-одатлар, ноўрин хатти-ҳаракатлар, жиноят олами персонажлари нутқидаги жаргонлар ва беандиша лексик воситалар, бепарда бадиий тўқималар ва фаҳш элементлари, мухтасар қилиб айтганда, бузғунчилик ғояси билан йўғрилган бадиий асар воқеалари ҳамда қаҳрамонларига тақлиднинг реал ҳаётда ҳам юз бермаслигига кафолат борми?! “Дунёни гўзаллик қутқаради” (Ф.М. Достоевский)  дейишган. Гўзаллик қалбга кўчмас экан, жонсиз буюм каби ҳиссиз ва нафсиз.

Аслиддин ЖАРКИНОВ,

она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси