Yangiliklar >> Абай –қозоқ мумтоз адабиётининг улкан вакили

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 13 мартда “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

  Ушбу қарор билан халқимизнинг қардош Қозоғистон халқига, унинг бетакрор адабиёти ва маданиятига, ёруғ келажагига бўлган ҳурмати ва ишончининг ёрқин ифодаси сифатида юртимизда буюк қозоқ шоири Абай Қўнонбоев ижодий меросини ўрганишга кенг йўл очди.

  Абай Қўнонбоев қозоқ мумтоз адабиётининг асосчиларидан бири, буюк шоир ва маърифатпарвар ҳисобланади. Шоирнинг ижоди ёшлик чоғларидан шеър ёзиш ва ўлан айтишдан бошланди. Абай ўзигача оғзаки куйлаб келинган ўланларни ёзма адабиётга олиб кирган шоирдир. Шоир ўланларни ёзма яралишдан ташқари уларга куй басталаб. маҳорат билан куйлаган. У басталаган 17 та ўлан куйи ҳозиргача оқинлар томонидан севиб ижро этиляпти. Абай ижодий меросининг салмоқли қисмини халқни илм-маърифатга, маданиятга даъват қилувчи “Нақлия сўзлар” мажмуаси ташкил этади . Абайнинг ушбу асарида инсон ҳаётида муҳим ўрин тутадиган ақл, илм-зиё, инсоф ва адолат, яхши хулқ, муомала маданияти, дин, эътиқод, давлатни идора қилиш, халқлар, элатларнинг аҳил, дўстона муносабатда бўлишлари ҳақида мулоҳаза юритади.

  Зарафшон шаҳар 2-умумтаълим мактабида Абайнинг ижодий меросини ўрганиш мақсадида ўқувчилар ўртасида китобхонлар суҳбати, “Абай асарлари билимдони” иншолар танлови ўтказилмоқда. Жумладан, мактаб кутубхоначиси А.Карбаева ва фан ўқитувчилари томонидан “Абай-қозоқ мумтоз адабиётининг йирик вакили” мавзусида 6-синф ўқувчилари ўртасида тадбир ташкил этилди.Тадбирда ўқувчилар шоир Абайнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар айтдилар. Абайнинг “Насиҳатлар” китобидан илм ўрганишнинг бир неча шартлари ҳақидаги фикрлари айтилиб, саҳна кўриниши намойиш этилди. “Насиҳатлар” китобидан ҳикматли сўзлар ва шоир шеърларидан намуналар айтилди , куй ва қўшиқлар ижро этилди.

  Улкан сўз санъаткори Абай ижодини ўрганиш ўзбек китобхонлари орасида яна давом этади.Унинг “Насиҳатлар” китобида берилган ҳикматлар инсонларнинг маънавиятини бойитиб, илм ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

                        

              Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Муҳиддинова Д.Н.