Yangiliklar >> Алишер Навоий миллат кўзгусидир

Алишер Навоий ўзбек адабиётида, балки жаҳон адабиётидаги энг ёрқин сиймолардан биридир. Бу буюк бобокалонимиз қолдирган улкан меросда олам ва одамга боғлиқ бўлган ҳодисалар фавқулодда теран нигоҳ билан талқин этилган. Уларда инсон моҳияти, унинг ижтимоий вазифаси, бурч ва масъулиятлари, имконият ва ожизликлари юксак оҳангларда тасвирланган. Бу улуғ зотга нисбатан муҳтарам биринчи Президентимиз Ислом Каримов: “Ўзбек халқи маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган улуғ зотлардан яна бири-бу Алишер Навоий бобомиздир. Биз унинг мўътабар номи, ижодий меросининг боқийлиги, бадиий даҳоси замон ва макон чегараларини билмаслиги ҳақида доимо фахрланиб сўз юритамиз. Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намоёндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир. Таъбир жоиз бўлса, оламда туркий ва форсий тилда сўзловчи бирон-бир инсон йўқки, у Навоийни билмаса, Навоийни севмаса, Навоийга садоқат ва эътиқод билан қарамаса.

“Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир” деб таъриф берган.

Маълумки, инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Биз бу бебеҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларимизни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий кучга эга бўламиз.

            Ана шу мутафаккиримизнинг ҳаёти ва ижоди таълимнинг деярли барча босқичларида ўрганиб келинмоқда.

            Жумладан 2-умумий ўрта таълим мактабида бу улуғ зотнинг 577 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида чора тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Режага асосан бошланғич синфларда ҳам расмлар, иншолар танловлари ўтказилди. Қизиқувчан ёшлар Алишер Навоий ҳақидаги маълумотларни зўр иштиёқ билан эшитишди.

            Ана шу улуғ мутафаккирнинг ҳаёт йўлини доим келажак авлодга етказиш биз устозларнинг бурчимиздир. Бу улуғ инсонга муносиб равишда ёшларимиз китобхонлик маданиятини ошириши лозим. Бобомиз ёзган асарларини, ғазалларини ёд билиш зарур. Буларнинг барчаси бобомизга бўлган юксак эҳтиром.

Бошланғич синф ўқитувчиси Тилабова Д.