Yangiliklar >> Гиёҳвандлик аср вабоси

Зарафшон шаҳар 2-умумтаълим мактабида “Гиёҳвандликка қарши курашиш” ойлиги муносабати билан “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш” мавзусида Камолот ЁИҲ, ИИБ ҳамда тибиёт бирлашмаси ҳамкорлигида 2017 йил 14 феврал куни йиғилиш ўтказилди. 2-умумтаълим мактаби директори А.С.Искандарова йиғилишни кириш сўзи билан очиб берди ҳамда ёшларга яратилиб берилган кенг имкониятлар ҳақида қисқача тўхталиб, кун тартибидаги масала билан йиғилганларни таништирди ва сўзни шаҳар тиббиёт бирлашмаси врачи Т.Ибрагимовга берди.

Маърузачи ўз нутқида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш нафақат инсон соғлиги ва хавфсизлигига, балки давлат ичидаги криминоген вазиятга, жамиятнинг иқтисодий, маънавий ва маданий негизига ҳам жиддий таҳдид солишини доимо ёдда тутишимиз шарт. Дунё миқёсида уюшган жиноятчилик, ноқонуний қурол савдоси ҳамда коррупция жиноятларига кенг йўл очиб берилиши, наркотик моддаларнинг инъекция орқали қонга ўтказиш жараёнида ОИТС касаллигининг кенг тарқалиши, пировардида эса, бутун бошли бир миллат генофондининг издан чиқиб кетишида ҳам айнан шу иллат бош омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мутахассисларнинг таҳлилига кўра, гиёҳвандлик юқори асаб тармоғини қўзғатиб, ишдан чиқаргач, инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига путур етказади. Шунингдек, организмдаги моддалар алмашинуви жараёни бузилади ва охир-оқибат бутун вужуд заҳарланади. Бора-бора инсон организми бундай моддаларни истеъмол қилмаса, қисман ёки бутунлай ишдан чиқади. Кексайиш аломатларининг эрта пайдо бўлиши ҳам кўпинча айнан шу иллатга дучор бўлганларда кузатилиши ҳақида айтиб ўтди.

 Шундан сўнг шаҳар вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси катта инспектори О.Қўзиев сўзга чиқиб, Зарафшон шаҳар худудида вояга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятчилик ва хуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳамда ёшларимизнинг хуқуқий саводхонликни ошириш, айнан шу мақсадда мазкур йиғилиш ўтказилаётганлигини ҳамда шаҳар худудида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятчилик ва хуқуқбузарликлар тўғрисида тушунтириб ўтди. Шаҳар худудида вояга етмаган ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноят ва хуқуқбузарликларнинг салбий оқибатлари, жиноят оламига билиб билмай кириб қолган ёшларимизнинг келгусидаги тақдири тўғрисида ва қонуний жавобгарлик масалалари тўғрисида айтиб ўтди.

Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва хуқуқбузарлик, диний экстремизм, фирибгарлик ва гиёҳвандлик, йўл транспорт ҳодисалари ҳамда бошқа ҳалокатли иллатлар хақида таёрланган махсус видео-ролик намойиш этилди.

 Тадбир қизиқарли савол-жавоб, баҳс-мунозара тарзида кечиб, ҳар бир иштирокчи ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдириш имкониятига эга бўлдилар.

Маърузадан келиб чиқиб ўқувчилар томонидан бир қанча саволлар олинди,

Жумладан:

9-синф ўқувчилари С.Жалолова, А.Азимова, М.Абдусаломовалар томонидан саволлар берилди.
Саволларга йиғилиш маърузачилари томонидан жавоб берилди.

 Мактаб директори А.С.Искандарова йиғилиш якунида, атрофдаги воқеа-ходисаларга бефарқ бўлмасликка, уйимизни, маҳалламизни, ўқув юртимизни тинчлигини, фарзандларимизни яъни вояга етмаган ёшларимизни нопок йўлларга кириб кетмаслиги, жиноят оламига иштирокчи бўлмаслиги бўйича зарурий профилактик тарбиявий ишларни янада кучайтиришни, уларнинг билим савиясини, дунёкарашини ошириш борасида доимо изланишда бўлишни айтиб ўтиб йиғилишга якун ясади.

     

ММИБДЎ      Ҳ.И.Мирзаева