Yangiliklar >> Гиёҳвандликка қарши кураш – умумижтимоий вазифа

    2017 йил 08 июн куни 2-умумтаълим мактабида “Ёшлар сағлом турмуш тарафдори” шиори остида мактаб кутубхонаси билан ҳамкорликда “Гиёҳвандликка қарши кураш – умумижтимоий вазифа” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ш.Сатторова ўз маърузасида қуйидаги маълумотларга тўхталди. Мутахассисларнинг таҳлилига кўра, гиёҳвандлик юқори асаб тармоғини қўзғатиб, ишдан чиқаргач, инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига путур етказади. Шунингдек, организмдаги моддалар алмашинуви жараёни бузилади ва охир-оқибат бутун вужуд заҳарланади. Бора-бора инсон организми бундай моддаларни истеъмол қилмаса, қисман ёки бутунлай ишдан чиқади. Кексайиш аломатларининг эрта пайдо бўлиши ҳам кўпинча айнан шу иллатга дучор бўлганларда кузатилади. Гиёҳвандлик моддаларининг инсон организми учун яна бир зарарли ва хавфли томони шундаки, агарда бирон шахснинг спиртли ичимликларни муттасил истеъмол қиладиган аҳволга тушиб қолиши учун ўртача икки-олти йил етарли бўлса, гиёҳвандга айланиб қолиши учун бор-йўғи 1,5-2 ой кифоя қилади. Гиёҳвандлик воситаларини экиб етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, ўтказиш каби жиноятларга қарши кураш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг амалга ошираётган ишлари, бу йўналишдаги прокурорлик назорати аҳволи мунтазам ўрганилиб, ҳайъат йиғилишлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мувофиқлаштирувчи кенгашлари ва тезкор йиғилишларида муҳокама қилиниб, қатъий чоралар кўрилмоқда. Нима бўлганда ҳам, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш ва унинг ноқонуний муомаласига қарши курашишда жиноий-ҳуқуқий чораларни қўллашдан ташқари, оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчиликни жалб қилиш ва бошқа имкониятлардан ҳам фойдаланган ҳолда маъмурий ва жамоат таъсири чораларини қўллаш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш лозим.

Чунончи шаҳар ҳуқуқни мухофаза этувчи органлари томонидан систематик равишда ўтказилиб келаётган “Қора дори”, “Тўсиқ”, “Канал” ва “Ёшлар орасида наркотик моддалар тарқалишининг олдини олиш” каби операцияларга бошқа манфаатдор ташкилотлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият вакилларини жалб қилиниши ўзининг ижобий натижасини бераётган бор ҳақиқатдир.

Мухтасар қилиб шуни таъкидлаш мумкинки, юзага келган нарковазиятда гиёҳвандликка қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам бевосита вазифаси бўлиб қолмоғи керак. Бир сўз билан айтганда эса, “Ўз уйимизни, яқин қариндош-уруғларимизни ушбу иллатдан ўзимиз асрашимиз” шарт. Бу ишни биз учун биров четдан келиб қилиб бермайди деб таъкидлади.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан берилган саволларга маърузачи атрофлича жавоб берди.

   8-Дсинф ўқувчиси Ўткирқулов Беҳруз сўзга чиқиб, ўзининг “Алданганнинг сўнги пушаймони”деб номланган шеърини ўқиб берди.

   Давра суҳбати сўнгида мактаб директори А.С.Искандарова сўзга чиқиб, дарҳақиқат, шуни эсда тутиш лозимки, ҳурмат ва эъзозга лойиқ қадриятларни ва миллий урф-одатларимизни топташга уринган, суҳбатимиз давомида қайд этилган жиноий қилмишларга йўл қўйган ҳар қандай кимса қонун олдида албатта жавоб беришини таъкидлаб ўтди.

   Давра суҳбати қизғин савол-жавоблар асосида ўтди.

 

ММИБДЎ:      Ҳ.И.Мирзаева