Yangiliklar >> Мустақиллик-халқимизнинг ғурур-ифтихори.

     Минг шукурки, халқимизнинг асрий орзуси-Мустақиллик тантанасини кўриш, унинг фаол иштирокчиси бўлиш бизга ҳам насиб этди. Бу тарихий ўзгаришлар даврида нафақат эл-юрт, одамлар, уларнинг дунёқараши, маънавияти, ҳатто ўзлари ҳам ўзгарди. Бугун мамлакатимиздаги улкан ўзгаришлару бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳайратга тушмайдиган, шундай бетакрор юртнинг фуқароси эканлигидан кўксида ғурур туймайдиган инсон бўлмаса керак.

    Истиқлол йилларида Мухтарам Президентимиз Ислом Каримов рахнамолигида Ўзбекистон ўзига хос тараққиёт йўлини танлади. Бугунги кунга келиб мамлакатимиз иктисодиётида капитал инвестициялар ҳажмининг ялпи ички махсулотларга нисбатан 23 фоиздан зиёдни ташкил этаётгани, янгидан ишга туширилган жаҳон бозорида талаб катта бўлган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқараётган юзлаб замонавий корхоналар, минглаб километрга чўзилган темирйўл ва автомобил йўллари, юз минглаб уй жойлар қурилгани, инфратузилма объектлари бунёд этилгани, шаҳару қишлоқларимиз қиёфасининг тубдан ўзгариб, аҳоли фаровонлиги ва ҳаёт сифати ошиб бораётгани сўзимизнинг ёрқин далилидир.

    Шу ўринда таълим сохасига алохида тўхталадиган бўлсак, истиқлолнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинмоқда. Юртбошимизнинг «Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди-бу шарқона қараш, шарқона хаёт фалсафаси» деган ғояси асосида ёш авлодни чуқур билимли замонавий дунёқараш эгаси қилиб ўстириш, уларни Ватанга мухаббат, халққа садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш вазифаси таълим муассасаларида устувор аҳамият касб этмокда.

    1992 йилда «Таълим тўғрисида»ги  қонун қабул қилинган бўлиб, мустақил Ўзбекистоннинг асосий қонунида таълим сохасидаги давлат сиёсатининг тамойиллари, таълим тизими, педагог ходимларнинг хақ-хуқуқлари, бурч ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилди. 1997 йилнинг 29 августида Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг тўққизинчи сессиясида таълим соҳасидаги ислоҳотларни такомиллаштириш билан боғлик бўлган ўта мухим хужжатлар: «Таълим тўғрисида»ги қонун ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» қабул қилинди. Ана шу қонун ва дастурлардан келиб чиқиб мамлакатимизда «9+3» тамойили асосида 12 йиллик мажбурий бепул таълим тизими жорий этилди.

     Олтин кони саналмиш шаҳримиз Зарафшонда ҳам Мустақиллигимиздан сўнг тубдан ўзгаришлар рўй берди. Жумладан, бир нечта коллежлар:Тиббиёт коллежи, Касб-ҳунар коллежи, Мусиқа ва маданият саньат мактаби Компютер техналогиялари коллежи, ва Академик лицей янгитдан барпо этилди ва реконструкция  қилинди. Жорий йилда мактабимизнинг 150 дан ортиқ 9- синфни битирган ўқувчилари ўзлари хохлаган лицей, коллежларда ўқишга қабул қилиндилар. Бундай  коллежларда таълим олганлар нафақат билим, балки  касб- ҳунар сирларини ҳам пухта эгаллаб, ҳар томонлама етук кадр бўлиб етишиб чиқиб, турли корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бормоқдалар.Ҳозирги кунларда юзлаб иш ўринлари яратилиб, ёшлар иш билан таъминланмоқда.  Шу йиллар мобайнида мактабимиз ўқувчилари фан олимпиада, билимлар беллашувида қатнашиб, республика, вилоят босқичларида фахрли биринчи, иккинчи ўринларни эгаллаб келмоқдалар.

    Мактабимизнинг тарих фани ўқитувчилари М. Қурбонов, Д.Ёдгорова, ҳуқуқ фани ўқитувчиси  Н. Жўрақуловалар тайёрлаган ўқувчиларининг билимлар беллашуви ва фан олимпиадаларида фаол қатнашиб, нафақат вилоят, балки республика босқичларида хам фахрли биринчи ва иккинчи ўринларни қўлга киритиб, мактабимиз шарафини ҳимоя қилгани бунга ёрқин мисол бўла олади.  Умумтаълим мактаблари, лицей, коллежлардан тортиб узлуксиз таълим тизимининг юқори босқичи бўлган олий ўқув юртларини замон талабларига мос ҳолда ривожлантириш мақсадида уларнинг моддий техник базалари йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Барча ўқув юртлари замонавий жиҳоз ва ускуналар ўқув лабараториялари ва устахоналар билан таъминланмоқда .

   Таълим тизимида ўтказилган ислоҳотлардан яна бири 2012 йил              10 декабрдаги “Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент қарорига асосан 2013 йилдан бошлаб бошланғич синф ўқувчиларининг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида чет тилларини биринчи синфдан бошлаб ўқитиш йўлга қўйилди ва чет тили хоналари замонавий ўқув жиҳоз ва ускуналари билан таъминланди, бундай имкониятлар ўқувчиларимизнинг чет тилларни ўрганишга бўлган қизиқишларини янада ошириб бормоқда. Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда жаҳондаги кўплаб нуфузли университет ва академиялар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди ва шу ўқув юртларининг Ўзбекистонда филиаллари ташкил этилди. Яқинда эса юртимиз тарихида зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган тарихий воқеа содир бўлди. Юртбошиимизнинг ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги «Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти» университети ташкил этилди.

    Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва тизим ташкилотлари, таълим муассасаларида жисмоний тарбия ва спортнинг оммалашувини янада юқори пағонага кўтариш, жисмоний маданият ҳаракатини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, замонавий спорт турлари бўйича иқтидорли спортчиларни тайёрлаш ва уларнинг маҳоратини ошириш мақсадида катта ишлар олиб борилмоқда. Натижада ўзбек спортчилари юқори натижаларга эришиб, жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроғини баланд кўтармоқдалар. Юқорида тилга олинганлар юртимизнинг жаҳон миқёсида эгаллаган фан, таълим ва маданият соҳаларида эришган мислсиз ютуқларидан бир шингил холос.

    Юртимизда таъсис этилган уч босқичдан иборат узлуксиз таълим тизими бўлган умумтаълим, касб ҳунар ва олий таълим сохаларининг барчасини ягона бир ғоя, умумий бир мақсад бирлаштириб туради. У ҳам бўлса, ёш авлодни жаҳон илм-фан чўққиларини забт этувчи, чуқур билим ва ўз мустақил фикрига эга бўлган етук инсон ва мутахассислар этиб тарбиялаш ҳамда барча куч ва имкониятларни шу йўлга сафарбар этишдир.

                                                                                                                                                Дилафруз Қутлиева,

                                                                                                                                               2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.