Yangiliklar >> Ота-оналар нега мажлисга боришмайди?

“Мактабимизда бўладиган ота-оналар мажлисига уйимдагилар боришмайди. Ота-онамнинг иккаласи ҳам ишлагани учун мажлисга келишга вақтлари йўқ. Бунинг учун синф раҳбаримиздан танбеҳ эшитишимга тўғри келияпти. Наҳотки ота-онам мен учун, мажлислар учун озгина вақт топа олишмаса”,- дейди айрим ўқувчиларимиз. Бундай ҳолат ўқувчиларга яхши таниш. Аслида ота-оналар  мажлисида ҳар бир ўқувчининг отаси ёки онаси иштирок этиши шарт. Афсуски, баъзи ота-оналар бунга беэътибор қарашади. Ушбу мақолани ота-онангиз, билан бирга ўқисангиз, айни муддао бўлар эди.  Шояд бу мулоҳазалар мажлисга хуши  йўқ ота-оналарга  мактабга олиб борадиган йўлни кўрсатиб берса.
        Ота-оналар мажлиси ўз номи билан ота-оналар учун  мўлжалланган. Унда ҳар бир ўқувчининг отаси ёки онаси иштирок этиши зарур. Чунки мажлис давомида умумий масалалар билан  бир  қаторда ўқувчининг фанларга бўлган муносабати, мактабдаги интизоми, ўзини тутиши ҳақида гап боради. Ота-онаси  мажлисга боришга вақт ажрата олмайдиган ўқувчиларнинг руҳиятида салбий ўзгаришлар рўй бериб, ўй-хаёлларига “Улар менга вақт ажрата олишмайди. Чунки мени  яхши кўришмайди, мен билан ишлари йўқ ”,  деган фикрлар ўрнашиб олади.

         Мажлисга келмайдиган ота-оналарни тушуниш қийин. Наҳотки  фарзандининг ўқиши, мактабдаги ҳолати уларни қизиқтирмаса? Яна ҳам ачинарлиси, мажлисга кўпинча  оналар келишади. Бироқ бола тарбиясида оталарнинг ҳам ўрни бор. Шундай экан, боласининг феъл-атвори, фаолияти муҳокама қилинадиган мажлисда оталар ҳам қатнашиши шарт. Ота-оналар мажлиси синф болаларига оид  маълум масалаларни ҳал қилиш учун чақирилади. Афсуски, яхши ўқимайдиган, ялқов,  жамоат ишларидан ўзини олиб қочадиган ўқувчиларнинг ота-оналари бундай мажлисларга умуман қатнашмайди. Бу эса ўқитувчига улар билан ишлашда қийинчилик туғдиради. Ахир мактаб-маҳалла-оила ҳамкорлиги бўлмаса бола тарбиясида кутилган натижага эришиб бўлмайди. Айрим ота-оналар орадан бир неча кун ўтгач синф раҳбари билан суҳбатлашиб кетиш учун келишади. Бундай ҳолларда улар кўпчилик билан муҳокама  қилинадиган масалалардан бехабар қолишади. Кўриб турганингиздек,  ота-оналар мажлиси ким учундир муаммога айланган бўлса, кимгадир фарзанд тарбиясидаги  яқин кўмакчидир. Кичик суруштирувимиз шуни кўрсатдики, кўпгина ота-оналар синф мажлисига-фарзанди тарбиясига бефарқ. Ачинарлиси, бунинг ортида ўқувчи деб аталмиш ниҳолнинг келажаги турганлигини ҳис қилишмайди. Келинг хулоса чиқаришга шошилмайлик-да бу масалани  оила даврасида муҳокама қилиб кўрайлик.

                                                                                                                                                    Зарафшон шаҳар 2-мактаб ММИБДЎ

                                                                                                                                                           Мирзаева Ҳайитгул Икромовна