Yangiliklar >> “Ёшларни маънавий таҳдидлардан огоҳлик руҳида тарбиялаш-давр тақозоси”

 2018 йил март ойида мактабда “Ёшларни маънавий таҳдидлардан огоҳлик руҳида тарбиялаш-давр тақозоси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатини ҳуқуқ фани Жўрақулова Ноила ва ИИБ ходимлари олиб борди. Ўқитувчи ўқувчиларга мавзу юзасидан қуйидаги маълумотларни берди. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди. Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, интернет тармоғида ўзини “Ислом давлати” (ИШИД), “Жабҳат ал-Нусра” деб атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиб даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Афсуски, ёшлар муайян қисми ИШИДни ҳақиқатда ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар. Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари - “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофир бўлиш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат. Ақидапарастлар ёшларни авраб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, умуман, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва фуқаролар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанини тарк этишга тарғиб қилмоқда. Ваҳоланки, ўз юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш айни ислом таълимотига зид ишдир. Инсонларни тинч ва осойишта диёрдан дин номидан қотилликлар ошкора қилинаётган фитна маконларига чорлашдек қабиҳ иш ҳеч қачон “ҳижрат” бўла олмайди. Ислом дини Ватанга ҳиёнат, қотиллик, бузғунчилик, ўзини ўзи ўлдириш, ўзгаларга зум қилиш, ота-онага оқ бўлиш кабилардан қайтаради.“Жиҳод” сўзи луғатда кишининг ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, қаттиқ ҳаракат килиши маъносини англатади. Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмир мужтахид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмокда деса бўлади. Хорижга иш ахтариб кетган айрим ёшларимиз ДЭО оқим аъзоларининг таъсирига тушиб, юртга қайтгандан сўнг ён-атрофдагилардан “жамоат” тузишга, уларни “ҳижрат”га олиб чиқишга қаратилган ҳаракатлар содир этаётгани кузатилмоқда. Албатта, иш жойи танлаш ҳуқуқи ҳар ким учун кафолатланган, бироқ ҳозирда айрим хорижга кетганларнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолаётгани, хору зор бўлиб, бирон нарса орттириб қайтиш ўрнига боридан ҳам айрилиб келаётани ҳам бор гап. Энг ёмони пул топиш истагида хорижга кетганларнинг баъзилари чет элдаги ясама “дин даъватчилари”нинг қармоғига илиниб, сохта “ҳижрат” ва “жиҳод” даъватларига учаётгани, уч-тўрт сўм учун Сурия, Афғонистон каби каби низо ва уруш ўчоқларида қўлларини қонга белаб, ўз она-юртига қурол ўқталиш даражасидаги манқуртга айланиб қолаётгани бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо қилмоқда. У ерларда дийдаси қотган жаллодларга айланган бу жоҳиллар юртига қурол ўқталиб ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар. Яна таъкидлаш жоизки, тинчликни улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган. Шу нуқтаи-назардан, фуқароларимиз юртимизда тинчлик-хотиржамликни авайлаб-асраш йўлида давлатимизнинг мутасадди идоралари томонидан амалга оширилаётган сайъй-ҳаракатларни эътиқодан қўллаб-қувватлашлари ва қўлидан келганча уларга ёрдам беришлари лозим.

 Фундаментализм – кенг маънода – муайян таълимот ақидаларининг ўзгармаслигини эълон қиладиган, эътиқодни ақл далилларидан устун қўядиган, илоҳий китоблардаги ваҳий қайси маънода баён этилган бўлса, шу маънода қабул қилинишини талаб этадиган, айни вақтда уларни мажозий маънода талқин этишга ҳар қандай уринишларни рад этадиган, дин асосларини оғишмай бажаришни қаттиқ талаб қиладиган ижтимоий, мафкуравий, диний йўналишлардир. Тор маънода – протестантизмдаги ортодоксал оқимлар.

 Шундай экан, биз бундай ҳолга асло лоқайдлик билан муносабатда бўлмаслигимиз, чуқур билим ва малака билан вазиятни оқилона баҳолашимиз ва қарор қабул қилишимиз, хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини юқори даражада амалга ошириш даркор деб ўйлаймиз.

Хулоса қилиш керакки, давлатимизнинг миллий хавфсизлигига таҳдидлар маълум тизимнинг эмас, балки мамлакатимизда фаолият кўрсатиб келаётган барча соҳанинг барқарор ривожланишига катта салбий таъсир кўрсатади, унинг издан чиқишига олиб келади. Шуларни назарда тутган ҳолда ҳар биримиз аввало, огоҳлик ва ҳушёрликни оширган ҳолда, юқори савиядаги маънавий-маърифий, сиёсий дунёқараш билан юксак профессионаллик асосида ишга ёндашиши, фаолияти давомида юртимиздаги ва жаҳондаги ислоҳотлар моҳияти ҳамда аҳамиятини ўз вақтида англаб етиб, қонун доирасида иш юритиши мақсадга мувофиқдир.

Маруза сўнгида “Ниқоб” ҳужжатли филми намоиш этилди.

 Ўқувчилар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.



ММИБДЎ: Мирзаева Ҳ.И.